


Жорий йилнинг 27-март куни Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Б.Ғафуров туманида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон аграр соҳаси олимлари иштирокида кенг қамровли қўшма семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар аввалида Дон ва дукакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори Равшанбек Сиддиқов иштирокчиларга ғаллачиликнинг бугунги долзарб масалалари, иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда халқаро тажрибалар асосида ғалла етиштириш биологияси, агротехник тадбирлар, тежамкор технологиялар ва инновацион усуллар ҳақида маъруза қилди.
Шундан сўнг академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олимлари боғдорчилик ва узумчиликда замонавий технологиялар, мевали дарахтларга шакл бериш ва кесиш усуллари, шунингдек, интенсив боғларни ташкил этиш бўйича муҳим маълумотларни тақдим этдилар.
Семинарнинг кейинги қисмида Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштиришда замонавий технологиялар, уруғлик етиштириш, тупроқ-иқлим шароитига мос экинларни жойлаштириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш мавзуларида маърузалар қилдилар.
Семинарда Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятида жойлашган илмий ташкилотлар, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналарнинг 70 нафар ходими иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар маъруза қилган олимларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, батафсил жавоб олдилар. Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари томонидан тайёрланган тавсиялар ва тақдимот материаллари семинар иштирокчиларига тарқатилди.
Тадбир якунида Сўғд вилоятида жойлашган илмий ташкилотлар вакиллари бу каби семинарларни мунтазам ўтказиб бориш бўйича таклифлар билдирди.
