Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Тўқсонбости усулида сабзи етиштириш

Тўқсонбости усулида сабзи етиштириш

Сабзи етиштириш учун энгил механик таркибга эга ер майдонларини ажратиш керак. Тупроқнинг кислоталилик даражаси нейтрал ёки бироз паст бўлиши лозим (пҲ 5.5–7).

Энг яхши ўтмишдош экинлар: бодринг, пиёз, помидор, эрта картошка ва карам. Айниқса, бу экинлар учун органик ўғитлар солинган бўлса, ҳосил янада яхшироқ бўлади. Бундан ташқари, қишки ёки баҳорги бошоқли дон экинларидан кейин сабзини такрорий экин сифатида етиштириш мумкин. Чунки бундай далалар одатда бегона ўтлар билан камроқ эгалланган бўлади.

Сабзидан юқори ҳосил олиш учун уруғларни тайёрлаш ва уларнинг сифатига катта эътибор қаратиш керак. Маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган уруғлардан фойдаланилганда, уларни экишга яроқли ҳолатга келтириш ишлари бажарилади.

Аввало, сабзи уруғларини бир-бирига ишқалаб, йирик ва майда уруғларга ажратиш керак. Бу ишни махсус элаклар ёрдамида амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, уруғларни ош тузи ёки аммиак селитрасининг 3 фоизли эритмасига солиб, саралаш мумкин.

Сабзи уруғи тўқсонбости усулида:

жанубий вилоятларда 1–30 декабр,

марказий вилоятларда 15 ноябрдан – 15 декабргача,

шимолий вилоятларда 1 ноябрдан – 1 декабргача экииш тавсия этилади.

Ушбу усулда асосан илдизмеваси қизил рангли маҳаллий Зийнатли, Фаровон ёки хорижий Шантане 2461, Курода Шантане, Нанцкая 4, Канада ва Карсон каби нав ва дурагайлар экилади.

Уруғ сарфи гектарига 5–6 кг ни ташкил этади. Сабзи уруғлари 1,5–2 см чуқурликка, 52×8 ёки 62×8 см схемада ёки қўлда сочиб экилади. Тўқсонбости усулида сабзи уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Баҳорда сабзи уруғлари униб чиққач, дарҳол бегона ўтлар икки марта ўталади ва яганаланади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўташ жараёнида яганалаш ҳам амалга оширилади.

Шунингдек, бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланиш мумкин. Бунда бир йиллик ўтлар учун:

экишдан олдин гектарига Гезагард-50 ёки Прометрин препаратлари 2–3 кг ҳисобида, бегона ўт уруғи униб чиққунга қадар ёки 1–2 чинбарг чиққан пайтда,

Фюзилад Супер 12,5% препарати эса 1–2 кг/га миқдорда, бегона ўтлар 2–4 барг чиқарган вақтида пуркалади.

Бундан ташқари, сабзи иккинчи марта яганаланиб, ўтдан тозалангандан кейин қатор оралари трактор култиватори ёрдамида юмшатилади.

Сабзи етиштиришда тупроқнинг тўйинтирилган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги намлик 70–75% бўлиши керак. Уруғнинг униб чиқиши учун қиш ва баҳорда ёғин миқдори одатда етарли бўлади. Фақат баъзи йилларда, баҳор ёғингарчилиги кам бўлган ҳолларда, уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.