Тошкент давлат аграр университети ташкил этилганлигига 95 йил тўлмоқда. Юбилей муносабати билан “Глобал иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференсия ташкил этилган. Анжуманни Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов табрик сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида ушбу табаррук масканнинг мамлакатимиз илм-фанидаги ўрнига алоҳида тўхталди. Шунингдек, бу илм маскани юртимиз аграр соҳаси учун етук олимлар ва малакали мутахассислар етказиб берганини таъкидлади ҳамда ушбу сана муносабати билан университетнинг барча битирувчиларига ўзининг самимий табригини йўллади.
Анжуман доирасида университет ҳудудида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг илмий ишланмалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов кўргазмада намойиш этилган илмий ишланмалар билан яқиндан танишди. Вазир олимлар ва ёш тадқиқотчиларнинг ишланмаларини юқори баҳолаб, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, илмий тадқиқотларни қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида кенг қўллаш зарурлигини таъкидлади.
Куннинг иккинчи қисмида эса конференсиянинг пленар сессияси давом этди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Маърузаларда иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалиги тармоқларини барқарор ривожлантириш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференсияда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди. У ўз сўзида таълим, илм ва инновацияни ишлаб чиқаришга татбиқ этишдаги узвий занжирнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Шодмон Намозов Тошкент давлат аграр университетининг 95 йиллик юбилейи муносабати билан профессор-ўқитувчиларни самимий табриклаб, келгусидаги илмий ва амалий фаолиятларида муваффақиятлар тилади.









