Тупроқ хариталари бўйича илмий-амалий лойиҳа натижалари “Янги Ўзбекистон” кутубхонасига топширилди

Республикамиздаги 3,7 миллион гектар суғориладиган ерларнинг тупроқ ҳолатини рақамли хариталаш бўйича амалга оширилган илмий-амалий лойиҳа якунлари тизимлаштирилиб, алоҳида илмий нашрлар шаклида чоп этилди.
Лойиҳа доирасида 162 та қишлоқ хўжалиги тумани қамраб олиниб, 1:25 000 масштабдаги электрон рақамли тупроқ сифати ва шўрланиш хариталари, агрокимёвий картограммалар яратилди.
Яратилган маълумотларнинг “Ер ахборот тизими” очиқ порталига интеграция қилиниши ерларнинг ҳолатини баҳолаш, агротехник тадбирларни илмий асосда режалаштириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Бугун лойиҳа доирасида тайёрланган илмий ва картографик материаллар “Янги Ўзбекистон” кутубхонаси фондига топширилди.
Муҳими, нашрлар босма ва электрон шаклда тақдим этилди. Бу эса мазкур илмий-амалий маълумотлардан олимлар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар фойдаланиши учун кенг имконият яратади.
Шу тариқа, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларига оид муҳим илмий ва картографик маълумотлар сақланиб, келгусидаги тадқиқотлар учун ишончли манбага айлантирилмоқда.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм