Юртимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари бугун ҳам қизғин давом этди. Ушбу тадбир нафақат ободонлаштириш ва тозалик ишлари, балки халқимизнинг асрлар давомида қадрлаб келаётган бирдамлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарини яна бир бор намоён этди.
Ҳашар халқимизнинг маънавий меросида ўчмас ўрин тутади. У — қўшнилик ришталарини мустаҳкамлайдиган, жамоатчиликни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган, энг аввало, ўзаро ёрдам ва меҳр-оқибат рамзидир. Шу боис, хайрия ҳашарининг ҳар бир куни жамиятимизда эзгулик ва тотувлик кайфиятини кучайтирди.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази жамоаси ҳам бугунги ҳашарда фаол иштирок этди. Эрта тонгдан бошланган ишлар давомида Марказ ҳудуди тартибга келтирилди, атрофлар тозаланди.
Шунингдек, Миллий марказ тизимидаги барча илмий муассасалар ва Республика агрохизматлар маркази жамоалари ҳам умумхалқ ҳашари жараёнида жонбозлик кўрсатдилар. Ташкилотлар ҳудудлари ва уларга элтувчи йўллар озода қилинди, мевали ва манзарали дарахтларга ишлов берилди. Бу эса ҳудудларнинг янада кўркам қиёфа касб этишига хизмат қилди.
Умумхалқ ҳашари — халқимизга хос қадрият ва маънавий юксалишнинг ёрқин намунасидир. Бундай эзгу амалиётлар келгусида ҳам обод турмуш, соғлом муҳит яратиш ва бир-биримизга кўмаклашиш йўлида муҳим омил бўлиб қолаверади




