Уруғчиликда янги босқич: сифатни баҳолаш тизими тубдан янгиланмоқда

Жорий йилнинг 7 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини баҳолаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–109-сонли фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида уруғчилик тизимини илмий, очиқ ва самарали йўналишда ривожлантиришга қаратилган бир қатор туб ислоҳотлар белгилаб берилди.
Уруғликларни баҳолаш ва сертификатлаш тизими қайта шакллантирилади
Эндиликда уруғликларнинг биологик, агрономик ва фитосанитар сифати халқаро стандартларга мувофиқ баҳоланади. Бу жараён давлатдан мустақил ташкилотлар ва лицензияланган лабораториялар орқали амалга оширилади. Баҳолашда ИСТА ва ОЕКД каби халқаро ташкилотлар стандартлари асосий мезон бўлиб хизмат қилади.
Ҳар бир уруғлик партияси рақамли назоратга олинади
Уруғликларнинг ҳар бир партиясига ягона идентификация рақами бириктирилади. Уларнинг синов натижалари ва сертификатлари ягона электрон платформада сақланади. Бу эса сохта уруғликлар муомаласига барҳам бериш, фермерларга аниқ маълумот тақдим этиш ва жавобгарликни ошириш имконини яратади.
Ҳудудий синов пунктлари ва илмий марказлар фаолияти кучайтирилади
Агроиқлимий шароитларни инобатга олган ҳолда зоналаштирилган уруғлик синовлари йўлга қўйилади. Илмий-тадқиқот муассасалари ва ҳудудий синов пунктлари ўртасида амалий ҳамкорлик кенгайтирилади. Сертификатлаш амалий ҳосилдорлик кўрсаткичларига асосланади.
Мутахассислар тайёрлаш тизими замонавийлашади
Уруғчилик соҳасидаги кадрлар малакаси замонавий ўқув дастурлари ва халқаро тажриба асосида оширилади. Аграр университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида узвий интеграция таъминланади.
Сифациз уруғликларга қарши қатъий чоралар кўрилади
Сертификациз ёки сифациз уруғликларни ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларига нисбатан молиявий жавобгарлик, маъмурий чоралар ва зарурат туғилганда фавқулодда текширувлар белгиланган. Шу билан бирга, ишончли ва сифатли уруғлик тарқатаётган корхоналар давлат томонидан рағбатлантирилади.
Экспорт салоҳиятига эга уруғчилик ривожлантирилади
Хорижий талабга жавоб берувчи навларни яратиш, халқаро сертификатлаш тизими ва логистика механизмларини ривожлантириш чоралари кўрилади. Уруғлик экспорти билан шуғулланадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари тақдим этилади.
Давлат назорати ва мониторинг тизими такомиллаштирилади
Уруғликлар сифати устидан назорат қилиш ва мониторингни юритишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда илмий-тадқиқот марказлари ўзаро ҳамкорликда ишлайди. Ҳар чоракда бажарилган ишлар бўйича ҳисоботлар тайёрланади, самарадорлик кўрсаткичлари баҳоланади.
Ҳулоса қилиб айтганда, мазкур фармон орқали Ўзбекистонда уруғчилик соҳасида сифат, шаффофлик ва самарадорликни таъминлайдиган, халқаро стандартларга мос замонавий тизим жорий этилмоқда. Бу эса сифациз уруғликларга барҳам бериш, маҳсулдорликни ошириш, фермер ва ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, экспорт салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади. Уруғчилик тизимининг илм-фан, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорлик асосида тубдан янгиланиши уни аграр тармоқнинг стратегик бўғинига айлантиради.
Фармоннинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
https://lex.uz/uz/docs/7616029
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе