Халқаро форум: Аграр соҳада тараққиёти учун муҳим қадам

Айни пайтда Тошкент шаҳрида “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) бош директори Суй Дунюй, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган 32 та давлат, халқаро молия ташкилотларининг юқори вакиллари, илмий доиралар, хорижий экспертлар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этишмоқда.
ℹУшбу форумни ташкил этишдан асосий мақсад, дунёдаги денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига мослашиш, логистика билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишдан иборат.
Маълумки, дунё бўйича 32 та ривожланаётган давлатларда денгизга чиқиш имкони мавжуд эмас. Форум ушбу давлатлардаги юқорида келтирилган мавжуд муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилган.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, ФАО бош директори Суй Дунюй, БМТнинг энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича Олий вакили Рабаб Фатима, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский сўзга чиқди.
Очилиш маросимидан сўнг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришнинг долзарблиги ва имкониятлари мавзусидаги юқори даражадаги ялпи мажлис бошланди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов сўзга чиқиб, ўтказилаётган форумнинг энг асосий мақсади мутахассислар ҳамда экспертлар ўртасида мавжуд муаммоларга таклифларни ишлаб чиқишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.
ℹШунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими борасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтмоқда.
Таъкидлаш лозим, ушбу форум Ўзбекистонни жаҳоннинг бошқа минтақалари билан боғловчи транспорт йўналишларини ривожлантириш, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва тизимларининг ҳозирги ҳолати тўғрисида хабардорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги тараққиётга тўсқинлик қилаётган минтақавий ва глобал даражадаги асосий масалаларни ҳал этиш ва қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини савдоси ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича янги шартнома ва келишувларга эришишга имкон яратди.
Бу каби йирик лойиҳаларни давомли ва тизимли амалга ошириш, қўшни ва узоқ минтақадаги давлатлар билан истиқболли шартномаларга ихтисослашган узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги йўналишига оид янгидан-янги инвестицион келишувларни босқичма-босқич амалга ошириш соҳанинг янада тараққий этишида бирламчи омил бўлиб хизмат қилади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм