“ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда Россия Федерациясининг “СИБУР Ҳолдинг” АЖ ўртасида ҳамкорлик келишувлари амалга оширилган эди.
Бугун ушбу ҳамкорликнинг илк қадамлари Миллий марказ биносида ўз ифодасини топди. Хусусан, томонлар иштирокида “Шоли етиштиришда сув тежовчи технологияларни ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатини Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Нурсултон Қаюпов очиб берди. У ўз кириш сўзида мазкур ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, кутилаётган натижалар ҳамда соҳада халқаро тажриба алмашувининг муҳим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Миллий марказ тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти директори Абдулла Мансуров сўзга чиқиб, республикада шоличилик йўналишида амалга оширилаётган илмий изланишлар, эришилаётган натижалар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан олиб борилаётган қўшма лойиҳалар юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумот берди.






