Халқаро ҳамкорлик йўналишида яна бир йирик лойиҳа бўйича келишувга эришилди

Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбарияти ва Корея Республикасининг ОРВИК Ко., Лтд компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Самимий руҳда кечган мулоқот давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш ва юқори самарали чорвачиликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида чорвачилик учун озуқабоп экинлар етиштириш технологияларини жорий этиш, замонавий аралаш озуқа (омиҳта ем) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, сунъий интеллект асосидаги агротехнологияларни қўллаш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, юқори қийматга эга мармар гўшт етиштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш каби йўналишларни қамраб оладиган лойиҳага 10 миллион доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида 1 миллион доллар миқдоридаги синов ишлари амалга оширилади. Ушбу босқичда озуқа етиштириш технологияларини синовдан ўтказиш, интеллектуал мониторинг тизимларини жорий этиш ҳамда мутахассислар иштирокида ўқув-тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.
Кореялик ҳамкорларнинг таъкидлашича, ОРВИК компанияси озуқа саноати, агротехнология ва юқори самарали чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича замонавий ечимлар таклиф қилади. Уларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни бошлаши мамлакатимиз аграр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инновацияларга бўлган ишончнинг янада ортиб бораётганидан далолатдир.
Марказ ушбу ҳамкорлик орқали инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш, фермерлар имкониятларини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ҳамда рақобатбардошлигини оширишни мақсад қилган.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе