"Халқаро лойиҳаларни тайёрлаш талаблари" ҳақида мастер- класс

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва тизимдаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамкорлигида “Халқаро илмий лойиҳаларни шакллантириш ва ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш” мавзусида ташкил этилган ўқув дастурлари давом этмоқда.
36 соатга мўлжалланган курс давомида Миллий марказ тизимидаги илмий муассасалардан таклиф қилинган тингловчилар халқаро грантлар учун лойиҳа ёзиш, лойиҳа режасини аниқ ва тартибли тузиш, ўз лойиҳасини экспертлар олдида ишонч билан ҳимоя қилиш ҳамда илмий ғояни стартап ёки кичик бизнесга айлантириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўладилар.
Эътироф этиш керакки, машғулотлар жонли ва мулоқот тарзида олиб борилмоқда. Ташкил этилган ўқув дастури давомида халқаро ташкилот вакиллари томонидан тингловчиларга халқаро грантларни ютишда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар амалий фактлар асосида тушунтирилмоқда.
Ана шундай қизиқарли машғулотлардан бири бугун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа координатори, профессор Азиз Нурбеков томонидан олиб борилди. У тингловчиларга "Халқаро лойиҳаларни тайёрлаш тартиби ҳамда қўйиладиган талаблар" мавзусида тақдимот ўтказди. Тингловчилар профессор Азиз Нурбековдан ФАО томонидан эълон қилинадиган халқаро лойиҳалар ва уларнинг натижалари тўғрисида атрофлича маълумот олдилар.
Ўқув курси давомида тингловчиларга халқаро ташкилотлар вакилларининг машғулотлар ўтказиши кўзланган натижага эришишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе