Халқаро “Узум сайли” фестивали якунланди

Хабар бериб борганимиздек, 2 кун давомида, яъни 23-24-август саналарида Тошкент вилояти Паркент тумани Заркент қишлоғида узум етиштириш бўйича етакчи марказлардан бири бўлган узумчилик фермер хўжалигида Халқаро “Узум сайли” фестивали бўлиб ўтди.
ℹФестивал доирасида бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари, шунингдек, фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилди. Фестивал дастуридан Ўзбекистоннинг етакчи виночиларининг ҳамда қўшма корхоналарнинг тақдимотлари ва дегустациялари, нодир виноларни сотиш бўйича ауксионлар ўтказилди.
Бундан ташқари, фолклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастур ташкил этилди. Энг яхши ошпазлар миллий пазандачилик маҳсулотлари намуналарини, узумдан анъанавий миллий ичимликлар ва ширинликлар тайёрлаш маҳоратини намойиш этишди.
Фестивалда Ўзбекистон Республикасининг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат консентратлари ишлаб чиқариш корхоналари экспозициялари иштирок этди.
2023-йилда 100 мингдан ортиқ маҳаллий ҳамда 1 000 дан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Бу йилги фестивалга 500 минг нафарга яқин маҳаллий ҳамда 3 мингга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрди.
Фестивал доирасида танлов ташкил этилди. Унда вилоятлар ҳамда туман-шаҳарлар ўртасида учта ўрин соҳиблари пул мукофоти билан, 10 та номинация эгалари эса икки камерали музлаткич билан тақдирланди.
Хусусан, “Энг фаол иштироки, стендларининг миллий руҳда безатилиши, бадиий чиқишлари ҳамда узум навларининг ноанъанавий намойиши” номинацияси учун вилоятлар ўртасида Наманган вилояти биринчиликни қўлга киритган бўлса, туман ва шаҳарлар ўртасида Оққўрғон тумани биринчи бўлди.
Иккинчи ҳамда учинчи ўринни вилоятлар ўртасида Тошкент ҳамда Бухоро вилоятлари эгаллаган бўлса, туман ва шаҳарлар орасидан Пискент ҳамда Бўстонлиқ туманлари иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, виночиликдаги инновацион ёндашув учун 10 та номинация бўйича ҳам ғолиблар номи аниқланиб, мукофотлар топширилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм