халқаро_ҳамкорлик

Илмий муассасага “ақлли” иссиқхона топширилди
Жанубий Корея молиявий кўмагида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа доирасида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида замонавий “ақлли” иссиқхона комплекси барпо этилди.
Янги иссиқхона комплексини фойдаланишга топшириш муносабати билан тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда БМТнинг ФАО ташкилоти вакиллари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарлари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, шунингдек, олий таълим муассасалари бошқарма ва бўлим раҳбарлари, фермерлар ҳамда шахсий томорқа хўжаликлари вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур “ақлли” иссиқхона комплекси илмий-тадқиқот фаолиятини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, сабзавот ва полиз экинлари, картошкачиликда самарали агротехнологияларни синовдан ўтказиш ҳамда уларни амалиётга жорий этишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Комплекс орқали ҳосилдорликни ошириш, сув ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш, шунингдек, илмий асосланган агротехнологияларни кенг ёйиш имконияти яратилади.
Тадбир иштирокчилари янги иссиқхонани қишлоқ хўжалигида “ақлли технологиялар”ни кенг жорий этиш, келажак авлод учун барқарор озиқ-овқат таъминотини яратишда муҳим қадам сифатида баҳоладилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе