Хитойнинг Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси делегацияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов ҳамда Хитойнинг Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси Илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлими бошлғи ўринбосари Фан Гуоқуан бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Миллий марказ ва Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ўртасида аввал имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилаётган илмий лойиҳалар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокамалар марказида бўлди.
Учрашувда Шодмон Намозов меҳмонларга мамлакат қишлоқ хўжалиги илм-фанида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази негизида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилаётгани, айни пайтда ушбу жараён билан боғлиқ ташкилий ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, янги ташкил этилаётган Академия олдига қўйилган устувор вазифалар, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илмий натижаларни тижоратлаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Ўз навбатида, Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси Илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Фан Гуоқуан Хитой қишлоқ хўжалиги илм-фанида қўлга киритилаётган ютуқлар, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва тижоратлаштириш борасидаги тажрибалар ҳақида сўз юритди. У Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолаб, келгусида қўшма илмий лойиҳалар, мутахассислар алмашинуви ҳамда инновацион технологиялар трансфери йўналишларида алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар селексия ва уруғчилик, замонавий агротехнологиялар, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда қўшма тадқиқотларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Шундан сўнг делегация аъзолари Миллий марказ тизимидаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзбекистон–Венгрия картошкачилик маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе