Хотира ва қадрлаш — халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан бири

9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов таниқли олим, биология фанлари доктори, профессор Саид-Акбар Раҳмонқулов хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди.
Ташриф давомида вазир устоз олимни “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани муносабати билан самимий табриклаб, ушбу юксак мукофот унинг кўп йиллик фидокорона илмий меҳнати, пахтачилик селексияси ва уруғчилик соҳасидаги улкан хизматларининг муносиб эътирофи эканини таъкидлади.
Профессор Раҳмонқуловнинг қарийб 70 йиллик илмий фаолияти давомида 400 дан ортиқ илмий ишлар яратгани, кўплаб шогирдлар тайёрлагани, шунингдек, юқори ҳосилдор ғўза навларини яратиш ва амалиётга жорий этишда катта натижаларга эришгани алоҳида қайд этилди.
У яратган илмий мактаб бугунги кунда ҳам пахтачилик селексияси, уруғчилик ва агротехнологияларни ривожлантиришда муҳим илмий-амалий асос бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Шундан сўнг вазир техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги Фанлари Академияси академиги Оқил Салимовни ҳам ҳолидан хабар олди.
Суҳбат давомида профессор Оқил Салимовнинг қишлоқ хўжалигини техник модернизация қилиш, соҳага инновацион ишланмаларни жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш борасидаги кўп йиллик хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, устоз олимнинг самарали илмий-педагогик фаолияти давомида кўплаб мутахассис ва илмий кадрлар етишиб чиққани қайд этилди.
Ташрифлар якунида вазир устоз олимларга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, илмий фаолиятларида янги ютуқ ва муваффақиятлар тилаб, уларга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромини билдирди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм