Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ходимлари доимий равишда илғор хориж тажрибаларини ўрганиб, мамлакатимиз аграр соҳасида самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Марказнинг мутахассиси Абдуллахон Шукуров Япониянинг ЖИКА (Жапан Интернатионал Кооператион Агенкй) ташкилоти кўмагида саккиз ой мобайнида ушбу мамлакатнинг илғор агротехнологиялари, инновацион ечимлари ва рақамли қишлоқ хўжалиги тизимини ўрганиб қайтди.
Бугун Миллий марказда “Япония қишлоқ хўжалигидаги инновацион ёндашувлар ва уларнинг Ўзбекистон шароитида қўлланиш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Марказ ходимлари иштирок этдилар.
Абдуллахон Шукуров тақдимот давомида Япониядаги аграр таълим тизими, хўжалик юритишнинг замонавий моделлари, хусусан, ақлли сув тежовчи технологиялар, дрон орқали етиштириш назорати, ҳамда томчилатиб суғоришни рақамли бошқариш тизими ҳақида атрофлича маълумот берди.
— Японияда қишлоқ хўжалиги фақат деҳқончилик эмас, балки илмий-амалий йўналиш сифатида қаралади. Ҳар бир хўжаликда рақамли мониторинг тизими бор. Ҳосилдорлик, тупроқ намлиги, сув сарфи — барчаси электрон база орқали назорат қилинади. Бу орқали тежамкорлик ва самарадорлик юқори бўлади, — деди Абдуллахон Шукуров суҳбат жараёнида.
Шунингдек, у Японияда фермерлар ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик тажрибаси, янги навларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш жараёнидаги қатъий стандартлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Давра суҳбати иштирокчилари Япония тажрибасини мамлакатимиз шароитида қўллаш йўллари бўйича фикр алмашдилар.



