Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

“Ёш академик” шунчаки унвон эмас, у янги авлод олимларини шакллантиради

“Ёш академик” шунчаки унвон эмас, у янги авлод олимларини шакллантиради

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган ёш олимлар иштирокида Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Музроб Бўронов билан эркин мулоқот руҳидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Расмий йиғилишдан кўра очиқ мулоқотни эслатган учрашувда ёш олимлар ўзларини қизиқтирган саволларни эркин ўртага ташладилар. Суҳбат эса фақат аграр илм-фан ёки илмий тадқиқотлар ҳақида эмас, балки олимнинг дунёқараши, интеллектуал салоҳияти, китобхонлик маданияти, лидерлик ва катта мақсад билан яшаши ҳақида кечди.

Музроб Бўронов мамлакатимизда аграр илм-фанни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотларга тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 13-мартдаги ПФ–40-сонли “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Фармонда назарда тутилган “Ёш академик” институти ана шу ислоҳотларнинг энг муҳим бўғинларидан бири экани таъкидланди.

“Фармонга ‘Ёш академик’ деган тушунча бежиз киритилмаган. Бу шунчаки унвон эмас. Академия деганда фақат академиклар эмас, балки янги навлар, янги технологиялар ва инновацион ечимлар яратадиган олимлар бўлиши керак. Биз устозлар тажрибасини ўрганамиз, аммо бугунги замон янги билим ва янги ёндашувларни талаб қилмоқда.”

Давра суҳбати давомида замонавий олимнинг энг катта бойлиги нима, деган саволга ҳам жавоб изланди. Маслаҳатчи бу борада моддий имкониятлардан ҳам муҳимроқ омил — интеллект эканини таъкидлади.

“Бизнинг асосий вазифамиз — интеллектни ривожлантириш. Илм-фаннинг чегараси йўқ. У изланиш, инновация ва янгилик билан яшайди. Агар олим ҳар куни ўз устида ишламаса, у илмда ҳам олдинга юролмайди.”

Мутолаа маданияти ҳақидаги фикрлар эса учрашувнинг энг таъсирли қисмига айланди. Музроб Бўронов буюк алломалар Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Синонинг илмий меросини эслаб, уларнинг буюклиги узлуксиз изланиш ва китоб билан яшаган ҳаёт тарзи самараси эканини таъкидлади.

“Инсонни шакллантирадиган энг муҳим омил — китоб ўқишдир. Интернет ва ижтимоий тармоқлар мутолаанинг ўрнини боса олмайди. Китоб инсоннинг тафаккурини, таҳлил қилиш қобилиятини ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиради.”

Учрашув давомида ёш олимлар ўз илмий изланишлари, инновацион лойиҳалари, стартап ташаббуслари ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид таклифларини билдирдилар.

Давра суҳбати якунида бир фикр яна бир бор янгради: мамлакат тараққиётининг энг катта бойлиги замонавий лабораториялар ёки технологиялар эмас, балки ўқийдиган, фикрлайдиган, ташаббус кўрсатадиган ва Ватан келажаги учун масъулиятни ҳис қиладиган ёш олимлардир.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.