Ёш истеъдодлар – аграр соҳамизнинг келажаги

Бугун “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги учун ёш истеъдодлар (50 Ёунг Таленц)” миллий танловида муваффақият қозонган ёшлар билан самимий учрашув ўтказдим.
Мулоқотда Давлат бошқаруви самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Хусайнов ҳам Зоом платформаси орқали иштирок этди. Мен учун бу учрашув ёшларнинг орзу-интилишлари, билимга чанқоқлиги ва келажакка бўлган ишончини яқиндан ҳис қилиш имконини берди.
Суҳбат давомида танлов ғолибларининг келгусидаги мақсадлари, касбий ривожланиш истиқболлари ҳамда аграр тармоқни модернизация қилиш жараёнида ёш мутахассисларнинг ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашдик. Ишончим комилки, бугунги билимли ва ташаббускор ёшлар эртанги кун аграр соҳасининг етакчи мутахассислари бўлиб етишади.
Мен ёшларни яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланишга, билим ва кўникмаларини доимий равишда бойитишга, илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганишга ҳамда уни мамлакатимиз қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш йўлида амалиётга татбиқ этишга чақирдим.
Мен мазкур ёшлар халқаро даражадаги билим ва тажрибани чуқур ўзлаштириб, келгусида мамлакатимиз тараққиёти, айниқса, аграр соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассислар бўлиб етишишингиз лозимлигини қайд этдим.
Учрашув давомида танловнинг навбатдаги босқичлари юзасидан ҳам муҳим масалаларни муҳокама қилдик. Хусусан, 50 нафар ғолиб ёшни ФАО ва ИФАДнинг минтақавий офисларида стажировка ўташга юбориш бўйича ҳамкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Режамизга кўра, танлов ғолиблари икки йил давомида босқичма-босқич ушбу халқаро амалиёт дастурларига жалб этилади.
Мен ёшларимизнинг салоҳиятига ишонаман. Уларни қўллаб-қувватлаш, халқаро тажриба орттиришлари учун кенг имкониятлар яратиш ва замонавий билимларни амалиётга олиб кириш — аграр тармоқни янги босқичга олиб чиқишнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Ишончим комилки, бугунги иқтидорли ёшлар эртага мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ ва сув хўжалигини барқарор ривожлантириш йўлида муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар сифатида шаклланади.