Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Ш. Отажонов ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази директори С. Назиров ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар аграр соҳада амалга оширилаётган илғор лойиҳалар, инновацион ёндашувлар ҳамда илмий изланишлар борасида фикр алмасди.
Муҳокамалар чоғида икки ташкилот – Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда Илмий-техник ахборот маркази ўртасида илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, ёш олим ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича истиқболли режалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандумдан кўзланган асосий мақсад – ёш олимларнинг илмий ишланмаларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хориждаги илғор тажрибаларни ўрганиш, илмий кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйишдан иборат.



