Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Марказ

Ёш олимлар илмий изланишлар натижаларини тақдим этди

Ёш олимлар илмий изланишлар натижаларини тақдим этди

Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида “Докторантлар куни” доирасида семинар ташкил этилди. Унда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти таянч докторантлари иштирок этиб, илмий изланишлари давомида қўлга киритган натижаларини тақдим этди.

Дастлабки сўз Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти таянч докторанти Жаҳонгир Менгниёзовга берилди. У “Ромен салат (Лактука сатива вар. лонгифолиа) интродуксияси, нав намуналарини танлаш ва етиштириш технологиясининг айрим элементларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги тадқиқотлари натижалари билан таништирди. Унинг таъкидлашича, коллексия бўйича ўрганилган 8 та нав намунаси қимматли хўжалик белгиларини намоён этди. Уларнинг вегетация (ўсувчанлик) даври 60–64 кунгача давом этди. Морфологик белгиларига кўра, навлар 20–22 см баландликка, 20–25 см узунликдаги йирик баргларга ва 12–15 см гача барг энига эга. Ўртача бир бош салатнинг вазни 620–655 граммни ташкил қилиб, 1 м² майдондан 3 250–3 400 граммгача ҳосил олинди. Нидерландия селексиясига мансуб Квинтус, Россия селексиясига мансуб Короловский, шунингдек Туркия селексиясига мансуб Дуру навлари ажратиб олинди. Улар эрта баҳорда витаминли маҳсулот етиштириш ва салат турларини кенгайтириш имконини беради.

Шундан сўнг, Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти докторанти Абдувоси Ялгўшев “Зарафшон воҳаси суғориладиган майдонлари учун юмшоқ буғдойнинг ҳосилдорлиги ва дон сифати юқори бўлган бошланғич манбаларини яратиш” мавзусидаги илмий тадқиқотлари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича,мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу жараёнда серҳосил, дон сифати юқори, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар яратиш ва уларнинг уруғчилиги тизимини ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир.

Тадқиқотлар доирасида у ИКАРДА ва КИММЙТ халқаро марказлари ҳамда Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтида жамланган 200 та нав намунаси устида иш олиб борилган. Ушбу материаллар асосида Зарафшон воҳасида суғориладиган ерлар учун интенсив типдаги, ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлган кузги юмшоқ буғдой навларини яратиш мақсад қилинган.

Тадбир якунида ҳар икки докторантнинг тақдимотлари юзасидан иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Улар ёш олимларнинг ютуқларини эътироф этиб, айрим таклиф ва тавсияларни ҳам бердилар.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.