Юқори ҳосилдорликка эришишда агротехник тадбирларнинг ўрни катта

Айни пайтда Жиззах вилоятида бўлиб турган вазир Иброҳим Абдураҳмонов навбатдаги манзил бўйича Шароф Рашидов тумани “Ширин” фермер хўжалиги дала майдони билан танишди.
34,1 гектар ер майдонини эгаллаган ҳудудда ғўзанинг маҳаллий “Равнақ-1” ва “Равнақ-2” навлари етиштирилмоқда. Ғўзанинг вегетатив ҳолатини кўздан кечирган вазир, шу кунгача кўрсатилган агротехник тадбирлар жараёни ва хўжалик меҳнат жамоасининг келгуси ҳаракатлар режаси билан қизиқди.
Фермер хўжалиги раҳбарининг маълум қилишича, далага экилган ғўза навларини етиштиришда мулчалаш, сомон тўшаш, плёнка остига экиш ҳамда томчилатиб суғориш каби агротехнологиялардан фойдаланилиб, ушбу усулларнинг самарадорлиги бир-бирига таққослаб ўрганилмоқда.
Ғўзаларнинг ҳолатини кўздан кечирган вазир Иброҳим Абдураҳмонов аграр соҳада изланишлар олиб бориш, тажриба тўплаш яхши амалиёт эканлиги, лекин бу каби амалиётлар ҳосилни йўқотиш ҳисобига қилинмаслиги лозимлигини таъкидлар экан, ғўзанинг вегетатив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Мутахассисларнинг фикрича, томчилатиб суғориш тизими ва плёнка остига экиш ишчи кучи ва бегона ўтларга қўлланиладиган гербицид учун сарфланадиган маблағни тежашга имкон яратмоқда. Далада ғўза ниҳоллари 76 га 5 схемада экилган бўлиб, ҳисоблаб чиқилганда гектарига 150 минг атрофида кўчатни ташкил этади. Ҳосилдорлик ҳам шунга яраша 55-60 сентнер бўлиши кутилмоқда.
Дарҳақиқат далада омилкорлик ва илмий ёндашув асосида ишнинг ташкил этилмагани яққол сезилиб турибди. Шу боис нафақат фермер хўжалиги раҳбарига, балки туман ва вилоят мутасаддиларига ғўза майдонларида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун тегишли кўрсатмалар берилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм